(Кириллча) Ўзбекистон мева ва сабзавот экспортининг асосий улуши Қозоғистон ҳиссасига тўғри келди.

(Кириллча) Ўзбекистондан шу кунгача 778 миллион долларлик мева-сабзавот четга экспорт қилинди.

(Кириллча) Тошкент метрополитенининг устки қисмида хизмат олиб бораётган Ички ишлар ходимларининг назорат пости олиб ташланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

(Кириллча) Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган пахта ёғи учун акциз солиғи ундирилмайди.

(Кириллча) Жорий йилнинг 24 ноябрь куни мамлакатимизда илк бор «DevFest» – Google Developers Group (GDG) дастурчилар халқаро фестивали бўлиб ўтади.

УЛУў КАСБ ЭГАЛАРИ ШАРАФЛАНДИ

Jamiyat
Dekabr15/ 2015

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом ­Каримовнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.


Президентимиз раҳнамолигида истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ таълим соҳасини тубдан ислоҳ этишга алоҳида эътибор қаратилди. «Таълим тўғрисида»ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурида белгиланган вазифаларнинг ҳаётга кенг жорий этилиши мамлакатимизни тараққий эттириш, турмушимизни фаровонлаштириш, ҳеч кимдан кам бўлмаган навқирон авлодни вояга етказиш учун мустаҳкам замин яратди.

Президентимизнинг «Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир» деган фикри халқимиз орасида эзгу даъватга айланди. Шарафли касб эгаларининг меҳнатини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган ишларни янада кучайтирди. Ўтган йиллар мобайнида таълим соҳасидаги юзлаб устоз-мураббийлар Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланди. Улар орасида Ўзбекистон Қаҳрамонлари борлиги янада қувонарлидир.

— Меҳнатимиз истиқлол йилларида қадр топди, — дейди пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 4-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими Раҳматулла Каримов. — Президентимизнинг маърифат аҳлига кўрсатаётган юксак эътибори барча педагогларни мустақиллигимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга даъват этмоқда, фарзандларимизни комил инсонлар этиб тарбиялашдек эзгу ишларни янада кучайтиришда қанот бўлмоқда.

Бугунги интеграциялашув жараёни кучайган, ахборотлашган замон ўқитувчини илғор педагогик технологиялар ва интерфаол усуллардан унумли фойдаланадиган ижодкор устоз даражасига кўтаришни тақозо этмоқда. Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» республика кўрик-танлови ана шу мақсадга хизмат қилмоқда.

Бу йил ҳам ушбу танловда ўз фани бўйича ўзига хос тажриба мактаби яратган, ҳар бир дарсни янги услубда, қизиқарли ва ҳаётий мисоллар, турли кўргазмали воситалар билан ўтаётган илғор педагоглар сараланди. Тантанали йиғилишда ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2005 йил 25 ноябрдаги «Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш ва уни моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ўқитувчилар кўнглини тоғдек кўтарди, уларни янада кўпроқ изланишга, ўқув-тарбия жараёнини янада бойитишга ундади.

Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўсиб келаётган ёш авлодга чет тилларини ўқитиш, хорижий тилларни пухта биладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай шароит ва имкониятлар яратмоқда.

Таълим-тарбия жараёни устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида барча умумтаълим мактабларида «Оила – маҳалла – таълим муассасаси» ҳамкорлиги жамоат кенгашининг фаолияти йўлга қўйилган. Бу маънавий-маърифий ишлар сифатини доимий таҳлил этиб бориш, ёшларнинг билим олишга бўлган қизиқиши ва иштиёқини тобора кучайтириш, 9-синфни тамомлаган ўқувчиларни таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ қамраб олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Юртбошимиз раҳнамолигида барпо этилган 1500 дан ортиқ академик лицей ва касб-ҳунар коллежида ёшларга ўзи танлаган йўналиш ва соҳа сирлари ўргатилмоқда.

Мамлакатимизда олий таълим тизими бакалавриат ва магистратурадан иборат икки босқичли стандартга ўтказилди.

Маросимда Пискент туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактаби директори, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Марҳабо Қурбонова, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо ва бошқалар таълим-тарбия, илм-фан, маънавият ва маърифат тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар келажагимиз эгаларини Ватанимизга, буюк аждодларимизга муносиб фарзанд этиб тарбиялашдек эзгу мақсадга йўналтирилганини таъкидлади. Ушбу эзгу мақсадга бутун борлиғини бахш этаётган касб соҳибларига кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Тадбирда санъат усталари ва ёш ижрочилар иштирокида катта концерт намойиш этилди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Н.Йўлдошев, Қонунчилик палатасининг Спикери Н.Исмоилов, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев иштирок этди.

Дилшод КАРИМОВ,

ЎзА мухбири

Foydali havolalar